
Тошкентда Давлат аудитини рақамлаштириш ва сунъий интеллектга бағишланган халқаро конференция тантанали равишда очилди
"Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш" мавзусидаги халқаро конференциянинг тантанали очилиш маросими Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев иштирокчиларни қутлар экан, конференцияни давлат аудити соҳасидаги муҳим тарихий воқеа сифатида таъкидлади.
Қайд этилганидек, конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови остида ўтказилмоқда.
Тадбирда Осиё, Европа ва Яқин Шарқ давлатларининг олий аудит органлари делегациялари иштирок этмоқда: Хитой, Туркия, БАА, Япония, Озарбайжон, Арманистон, Бангладеш, Бутан, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Уммон, Покистон, Венгрия, Латвия ва Чехия.
Шунингдек, тадбирда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда халқаро аудит ва консалтинг соҳасининг етакчи ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман давомида давлат бошқарувида рақамли трансформация жараёнлари, аудит соҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда киберхавфсизлик каби масалалар муҳокама қилинади.
Конференция икки параллел сессияларда давом этди: "Ахборот технологиялари аудити" ва "Давлат аудитида катта ҳажмли маълумотларни интеллектуал таҳлил қилишда мавжуд муаммолар ва инновацион ечимлар".
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бугунги кунда давлат бошқаруви ва аудит тизимини тубдан ўзгартирмоқда.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида жорий этилаётган рақамли трансформация натижалари: Big Data таҳлили, машинали ўқитиш алгоритмлари ҳамда рискларга асосланган масофавий аудит механизмлари.
Ҳисоб палатасида 817 та ахборот тизими модуллари ишга туширилган бўлиб, 55 та йўналиш бўйича 80 турдаги риск-таҳлиллар автоматик амалга оширилмоқда.
"HP-AI Audit-Assistant" сунъий интеллект платформаси ишга туширилгани қайд этилди, бу давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви ва шартнома ижроси билан боғлиқ рискларни аниқлашга хизмат қилади.
Конференция иштирокчилари икки кун давомида илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, аудит соҳасида янги ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш имкониятига эга бўладилар.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тарихида АЗОСАИ ва ИНТОСАИ доирасида давлат аудитида рақамлаштириш ва сунъий интеллект мавзусига бағишланган шундай кенг қамровли халқаро форматда илк бор ташкил этилмоқда.



