
Халқаро конференция иштирокчилари Олимпия шаҳарчасидаги спорт тадбирларида иштирок этди
Жорий йилнинг 23 май куни халқаро конференция доирасида иштирокчилар учун маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди. Тадбир "IT Park"да ўтказилган конференциянинг ёпилиш маросимидан сўнг Ҳисоб палатаси ҳамда Спорт вазирлиги ҳамкорлигида Олимпия шаҳарчасида ташкил қилинди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев, Спорт вазири Адкҳам Икрамов иштирок этди.
Тадбир дастуридан миллий таомлар кўргазмаси, спорт чиқишлари ва турли мусобақалар ўрин олди. Иштирокчилар учун ўзбек миллий қадриятлари ва спорт анъаналарини намоён этувчи кўргазмалар ташкил қилиниб, спорт усталари томонидан қизиқарли чиқишлар намойиш этилди.
Конференция иштирокчилари ўртасида "Аудит ва спорт бирлиги" шиори остида "Шахмат", "Арқон тортиш", "Армрестлинг", "Стол тенниси", "Дартс" спорт турлари бўйича мусобақалари ўтказилди. Мазкур мусобақалар иштирокчиларнинг фаол иштироки, дўстона муҳит ва самимий мулоқот руҳида кечди.
Мусобақаларда пойтахтимизда ўтказилган "Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш" мавзусидаги халқаро конференцияга ташриф буюрган 30 дан ортиқ давлатларнинг аудит ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун аудит соҳаси ходимлари нафақат молиявий интизом ва шаффофликни таъминлаш, балки жисмонан фаол, маънан барқарор ва жамоавий ҳамжиҳатликка эга мутахассис сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Тадбир якунида барча иштирокчиларга эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Бу каби тадбирлар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иштирокчилар ўртасида ўзаро дўстлик ва профессионал алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидланди.
Меҳмонлар Президентимиз ташаббуслари билан барпо этилган замонавий Олимпия шаҳарчасидан ўрн олган замонавий спорт иншоотлари билан ҳам яқиндан танишдилар.



